SOS
Жиноят

Россияда ноқонуний ҳужжат олган 60 нафар мигрантнинг иши судга оширилди

Россияда ноқонуний ҳужжат олган 60 нафар мигрантнинг иши судга оширилди

Владивостокнинг Ленинский туман суди Приморье ўлкаси Миграция масалалари бошқармасининг собиқ бошлиғи Владимир Чекменев ва унинг қўл остидаги ходим Оксана Голубчанская устидан ҳукм чиқарди. Полковник Чекменев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, чет элликларнинг Россияда ноқонуний бўлишини ташкил этиш ва лоқайдликда айбдор деб топилиб, 4 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Оксана Голубчанская эса 3 йил 6 ой муддатга ҳукм қилинди, бироқ унинг жазони ўташи фарзанди 14 ёшга тўлгунига қадар кечиктирилди.

Прокуратура маълумотларига кўра, 2022-йилнинг декабр ойидан 2023-йилнинг август ойигача бўлган даврда ушбу мансабдор шахслар 60 нафар хорижлик фуқаронинг патентларини қонунда белгиланган муддатларни бузган ҳолда қайта расмийлаштирган. Натижада, ушбу шахсларнинг Россия ҳудудида қолиши ноқонуний деб топилган. Шунингдек, бошқарма бошлиғи ўз ходимларининг ишини тўғри ташкил этмагани оқибатида беш нафар ноқонуний мигрант томонидан оғир жиноятлар содир этилгани ва хорижликларнинг оммавий равишда сохта миграция ҳисобига қўйилгани аниқланган.

Тергов версиясига кўра, мансабдор шахслар томонидан амалга оширилган ноқонуний схема доирасида 41 та патент муддат ўтиб кетганидан сўнг қайта расмийлаштирилган ва яна 19 нафар хорижлик фуқаро ноқонуний тарзда миграция ҳисобига қўйилган. Ушбу ҳаракатлар мигрантларнинг Россияда қонуний асосларсиз қолишига имкон яратган.

Бундан ташқари, ушбу иш доирасида Владивостокда фаолият юритган жиноий гуруҳ ҳам фош этилди. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари хорижлик фуқароларга ҳужум қилиб, улардан пул талаб қилган ва жабрланувчилардан 700 минг рублдан ортиқ маблағ ундирган. Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларининг иши Приморье ўлка судида кўриб чиқилмоқда.

30.09.20263