Санкт-Петербург шаҳрининг Выборг туман суди Ўзбекистон фуқароси Расулжон Камчиевга нисбатан ҳукм чиқарди. У Россия Жиноят кодексининг 291-моддаси 4-қисми «б» банди (йирик миқдорда пора бериш) бўйича айбдор деб топилди.
Тергов маълумотларига кўра, Камчиев ИИВ ходими билан келишиб, хорижий фуқароларнинг Россия ҳудудида қонуний бўлиши ва уларнинг маълумотлари бўйича базадан текширув ўтказишни йўлга қўйган. У 33 нафар хорижий фуқаро ҳақидаги маълумотларни ноқонуний олиш мақсадида ИИВ ходимига пул мукофоти таклиф қилган. 2024-йил 25-августдан 2025-йил 17-майга қадар бўлган даврда у ходимга жами 400 000 рубль миқдорида пора берган.
Суд жараёнида Камчиев ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди ва қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, у тергов органларига ушбу ҳолат ҳақида ўзи хабар берган. Шунга қарамай, суд ҳукмига кўра, Камчиев 2 йил 4 ой муддатга қатъий тартибли колонияга озодликдан маҳрум этилди.
Ушбу ҳолат мигрантлар учун Россия қонунчилигида пора бериш ва мансабдор шахслар билан ноқонуний келишувларга кириш оғир жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатади. ИИВ ахборот тизимларига ноқонуний кириш ёки ҳужжатларни сохталаштиришга уринишлар қатъий жазоланади.









