Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Ленинград вилояти бўйича бошқармаси маълумотига кўра, Киров туманида 35 ёшли хорижлик фуқарога нисбатан очилган жиноят иши бўйича тергов якунланди. У Россия Жиноят кодексининг 291-моддаси (пора беришга уриниш) ва 327-моддаси (сохта ҳужжатдан фойдаланиш) бўйича айбланмоқда.
Воқеа 2026-йил 24-сентябрь куни Киров туманининг Синявино қишлоғида юз берган. Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган шахснинг ҳужжатлари текширилганда, унинг Россия ҳудудида қонуний бўлиши учун асослари йўқлиги ва рўйхатдан ўтмагани аниқланган.
Маълум бўлишича, маъмурий жавобгарликдан қутилиш мақсадида айбланувчи инспекторга 15 минг рубль миқдорида пора таклиф қилган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходими пора олишдан бош тортган ва огоҳлантиришларга қарамай, шахс пулларни хизмат автомобилининг “бардачок” қисмига ташлаган. Шундан сўнг унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Бундан ташқари, тергов давомида фуқаро миграция ҳисобига қўйилганлигини тасдиқловчи сохта ҳужжатни сотиб олгани ва уни полиция ходимига тақдим этгани аниқланган. Ҳозирда тўпланган далиллар ва жиноят иши судга оширилган бўлиб, айбланувчининг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.









