SOS
Жиноят

Россияда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар 39,5 фоизга камайди

Россияда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар 39,5 фоизга камайди

Россия Хавфсизлик кенгаши аппарати матбуот хизмати томонидан тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, 2026-йилнинг тўққиз ойи мобайнида мамлакатда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 39,5 фоизга қисқарган. Шунингдек, жиноят содир этган хорижий фуқаролар сони ҳам чоракдан кўпроққа камайгани қайд этилган.

Статистикага кўра, хорижликларга нисбатан содир этилган жиноятлар сони ҳам 18,9 фоизга камайган. Ушбу маълумотлар Россия ҳудудида бўлиб турган мигрантлар учун ҳуқуқий тартиб-қоидаларга риоя қилиш муҳимлигини яна бир бор эслатиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Россия қонунчилигига киритилаётган ўзгаришларга кўра, ноябр ойидан бошлаб хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўлувчи ҳуқуқбузарликлар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22 та моддаси ўрнига 45 та моддаси бўйича жарима билан бирга депортация чоралари қўлланилиши мумкин.

Шунингдек, Россияда меҳнат мигрантларини уюшган ҳолда ёллаш бўйича тажриба лойиҳасининг биринчи босқичи 2027-йил 1-мартдан, иккинчи босқичи эса 2029-йил 1-январдан бошланиши режалаштирилган. Мигрантлардан Россия қонунлари, тил ва маҳаллий анъаналарни ҳурмат қилиш талаб этилиши алоҳида таъкидланмоқда.

02.11.20260