SOS
Жиноят

Россиядан БААга учаётган йўловчилар самолётда ўғирликка учрамоқда

Россиядан БААга учаётган йўловчилар самолётда ўғирликка учрамоқда

Россиядан Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширилаётган авиақатновларда йўловчиларнинг қўл юкларидан пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайган. Хусусан, бир ҳафтанинг ўзида йўловчилар 2 миллион рублдан ортиқ маблағни йўқотган. Бу каби ҳолатлар тизимли тус олиб, парвоз вақтида содир этилмоқда.

Охирги ҳодисалардан бири 14-сентябр куни Москвадан Дубайга парвоз қилган рейсда қайд этилган. Самолёт қўнгач, суриялик йўловчи рюкзагидан 1100 доллар ва 1700 дирҳам йўқолганини аниқлаган. Худди шу рейсдаги яна икки нафар йўловчининг сумкасидан эса 10 минг доллардан пул ўғирлангани маълум бўлган.

Жиноятчилар ўз ишига жуда пухта ёндашмоқда. Улар ўғирланган йирик купюралар ўрнига майда пулларни қолдириб кетишмоқда, бу эса йўловчиларнинг йўқотишни дарҳол сезмаслигига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, Сочидан Абу-Дабига учган Etihad авиакомпанияси рейсида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берган: оилавий жуфтлик 1400 доллар ўрнига атиги 113 доллар қолганини аниқлаган.

Жабрланувчиларнинг фикрича, ўғирликлар профессионал шахслар томонидан амалга оширилмоқда. Улар парвоз вақтида, йўловчилар юк жавонларидаги буюмларига эътибор бермаётган пайтда ҳаракат қилишади. Шу сабабли, халқаро йўналишларда парвоз қилаётган фуқаролардан ўз қимматбаҳо буюмлари ва нақд пулларини назоратда сақлашлари ҳамда уларни юк жавонларида қаровсиз қолдирмасликлари сўралади.

20.09.20264