Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ноябрь ойи бошида бедарак йўқолган 38 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилди. Ушбу мудҳиш жиноятни содир этишда марҳуманинг 15 ёшли ўғли гумонланмоқда. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург шаҳри бўйича Бош тергов бошқармаси расмий хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, асли ўзбекистонлик бўлган Шаҳноза А. сўнгги бор 1-ноябрь куни ўз иш жойида кўринган ва шундан сўнг яқинлари билан алоқага чиқмай қўйган. Орадан ўн кун ўтиб, 11-ноябрь куни аёлнинг опаси полицияга мурожаат қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 12-ноябрь куни кечқурун шаҳарнинг Парголово қишлоғидаги Юкковский ирмоқлари бўйлаб ўтган экологик сўқмоқдан аёлнинг жасади солинган чамадон топилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида қотилликда гумонланиб, марҳуманинг вояга етмаган ўғли қўлга олинди.
Аниқланишича, 2-ноябрь куни она ва ўғил ўртасида электрон сигарет (вейп) чекиш масаласида навбатдаги низо келиб чиққан. Аёл ўғлига чекишни тақиқлаб, унга танбеҳ берган. Ўзаро жанжал вақтида ўсмир онасини бўғиб ўлдириб қўйган.
Жиноят изини яшириш мақсадида ўсмир онасининг жасадини чамадонга жойлаб, ўрмон ҳудудидаги экологик сўқмоққа олиб бориб ташлаган. Шунингдек, у онаси йўқолганидан кейинги кунларда аёлнинг мобил телефони орқали яқинларига СМС-хабарлар ёзиб, унинг тирик эканлиги ҳақида ёлғон тасаввур уйғотишга уринган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми («Қотиллик») билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ўсмир билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи ҳал этилмоқда.









