Санкт-Петербургдаги Москва шоссесида 30 ёшли Марказий Осиё фуқароси йўл-транспорт ҳодисасини расмийлаштириш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимига пора таклиф қилди. Россия ИИВнинг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси хабарига кўра, эркак ЙПХ патруль машинаси салонида бўлган вақтда инспекторга 50 минг рубл миқдорида пул таклиф қилган.
Мигрант мазкур маблағни маъмурий жавобгарликка тортилмаслик ҳамда Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юбориш билан боғлиқ чораларни қўлламаслик эвазига таклиф қилган. Пора бериш учун у пулларни Жиноят кодекси китобига ўраб беришга уринган.
Инспектор таклиф қилинган пулдан воз кечди ва қонунбузарлик содир этмоқчи бўлган шахсни ушлади. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Россия қонунчилигига кўра, мансабдор шахсга пора таклиф қилиш ёки бериш оғир жиноят ҳисобланади ва у нафақат жарима, балки озодликдан маҳрум этиш каби жиддий жазо чораларини ҳам ўз ичига олади.









