SOS
Жиноят

Сохта ҳужжат билан ишлаган мигрантлар хавф остида: иш берувчи 5 йилга қамалди

Сохта ҳужжат билан ишлаган мигрантлар хавф остида: иш берувчи 5 йилга қамалди

Иркутскдаги "ГСК МСК-Трест" қурилиш компанияси бош директори Евгений Миляев ноқонуний миграцияни ташкил этганликда айбдор деб топилиб, 5 йилга умумий тартибли колонияга ҳукм қилинди. Тергов маълумотларига кўра, раҳбар хорижлик ишчиларни Россияга осонроқ олиб кириш мақсадида уларни гўёки "юқори малакали мутахассис" (ВКС) сифатида кўрсатувчи сохта пудрат шартномаларини тайёрлаган.

Ушбу сохта ҳужжатлар Россия ИИВнинг Иркутск вилояти бўйича миграция бошқармасига тақдим этилган. Текширувлар давомида хорижлик ишчиларнинг ҳақиқий малакаси йўқлиги ва ҳужжатлар фақат ноқонуний миграцияни қонунийлаштириш учун ниқоб вазифасини ўтагани аниқланган. Мазкур ҳаракатлар Россиянинг "Чет эл фуқароларининг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги 115-ФЗ сонли федерал қонуни талабларини қўпол равишда бузган деб баҳоланди.

Жиноят иши Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 2-қисми "б" ва "г" бандлари билан қўзғатилган. Бу Приангарье минтақасида ушбу модда бўйича реал қамоқ жазоси тайинланган дастлабки суд ҳукмларидан бири ҳисобланади.

Россия ИИВ хорижлик ишчиларни огоҳлантирадики, миграция қонунчилигини четлаб ўтиш учун фойдаланиладиган ҳар қандай сохта схемалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқланади. Иш берувчиларнинг ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, ноқонуний миграцияни ташкил этиши жазонинг кескинлашувига ва оғир оқибатларга олиб келади.

16.09.20260