SOS
Жиноят

Сохта маълумотнома орқали фуқаролик олган мигрант 1 миллион рубл жаримага тортилди

Сохта маълумотнома орқали фуқаролик олган мигрант 1 миллион рубл жаримага тортилди

Урал минтақасида Россия фуқаролигини ноқонуний йўл билан олишга уринган 35 ёшли Тожикистон фуқароси Жамшед Кенжаев иши бўйича суд қарори қабул қилинди. Тергов маълумотларига кўра, у расмий тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш ўрнига, махсус ҳарбий операцияда қатнашганлиги тўғрисида сохта маълумотнома сотиб олган.

Ушбу сохта ҳужжат асосида шахс Россия фуқаролигини қўлга киритган. Бироқ, кейинчалик ҳужжатнинг қалбакилиги аниқланиб, ҳолат юзасидан суд жараёни бошланган. Суд мажлисида айбланувчи ўз қилмишини тан олиб, буни оилавий шароити ва фарзандлари келажаги учун амалга оширганини билдирган.

Судья кўп болали отани озодликдан маҳрум этмасликка қарор қилди, бироқ унга нисбатан қатъий молиявий жазо тайинлади. Унга кўра, фуқароликни ноқонуний йўл билан олган шахс 1 миллион рубл миқдорида жарима тўлаши белгиланди.

Ушбу ҳолат мигрантлар учун ҳужжатларни расмийлаштиришда фақат қонуний йўллардан фойдаланиш муҳимлигини яна бир бор эслатади. Ҳар қандай сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ёки пора бериш оғир ҳуқуқий оқибатларга, жумладан, катта миқдордаги жарималарга олиб келиши мумкин.

26.10.20261