Омск шаҳрининг Ленин тумани ички ишлар органларига маҳаллий фуқаро мурожаат қилиб, йўқотиб қўйган кредит картасидан номаълум шахс 17 600 рубл маблағ ечиб олганини маълум қилган. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу ҳаракатларни содир этган шахс 36 ёшли чет эл фуқароси экани аниқланди.
Маълум бўлишича, гумонланувчи шаҳар бўйлаб сайр қилаётган вақтида банк картасини топиб олган. У картадан фойдаланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, рюкзак, соат тасмаси, атир-упа, симсиз қулоқчинлар ва ўйин бошқарув пультини харид қилган. Полиция бўлимига олиб борилган шахс ўз айбига иқрор бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўғирлик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Суд қарори билан чет эл фуқароси қамоққа олинган ва ундан харид қилинган барча буюмлар олиб қўйилган.
Мутахассислар Россияда яшовчи мигрантларни бундай ҳолатлардан огоҳ бўлишга чақирмоқда. Кўчада топиб олинган банк карталаридан фойдаланиш жиддий ҳуқуқий оқибатларга, жумладан, жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бировга тегишли буюмларни олмаслик ва улардан фойдаланмаслик тавсия этилади.









