Россиянинг Хабаровск шаҳрида 29 ёшли меҳнат мигранти ва унинг укаси қаттиқ совуқда қолиб кетган ижарадаги автомобилни иситишга уриниши оқибатида ёнғин келиб чиқди. Ҳодиса оқибатида транспорт воситаси яроқсиз ҳолга келган.
Маълум бўлишича, ака-ука юк таксисида ишлаш мақсадида 2005-йилда ишлаб чиқарилган Mazda Bongo микроавтобусини ижарага олган. Автомобил тахминан бир ҳафта давомида кўчада қаттиқ совуқда тургани сабабли двигатели ўт олмай қолган.
Ҳайдовчилар муаммони ҳал қилиш учун кўчма иситгичдан (обогревател) фойдаланишга қарор қилишган. Улар иситгични машина тагига жойлаштирган. Бироз вақт ўтгач, олд ўриндиқлар остида жойлашган двигател бўлинмасидан қуюқ тутун чиқа бошлаган ва аланга олган.
Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни 10 дақиқа ичида тўлиқ бартараф этишга муваффақ бўлишган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, микроавтобус ташқи кўринишидан жиддий шикастланмагандек кўринса-да, унинг ички қисми ва двигател бўлинмаси бутунлай ёниб кетган. Автомобилни қайта тиклаш имконсиз деб топилган.
Айни дамда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) суриштирувчилари ҳодисанинг барча тафсилотларини ўрганмоқда ва етказилган моддий зарар миқдорини баҳоламоқда. Эндиликда ака-ука автомобил эгасига етказилган зарарни тўлиқ қоплаб бериши лозим бўлади.









