Набережные Челны шаҳрида Қозон федерал университети филиалининг собиқ директори, 62 ёшли профессор Анатолий Макаровга нисбатан суд ҳукми ўқилди. У Россия Жиноят кодексининг 290-моддаси 2-қисми (пора олиш, 4 та эпизод) ва 292-моддаси 2-қисми (мансаб сохтакорлиги, 8 та эпизод) бўйича айбдор деб топилди.
Суд қарорига кўра, Макаров 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, унга 600 минг рубль миқдорида жарима солинди ва 3 йил давомида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Суд асосий жазони 4 йиллик синов муддати билан шартли деб белгилади.
Тергов маълумотларига кўра, 2023-йил апрель ойида Анатолий Макаров кафедра мудири лавозимида ишлаган вақтида хорижлик талабалардан институтга кириш ҳамда имтиҳонларни топширишда ёрдам бериш эвазига пора олган. Биргина имтиҳон учун ўртача 4,5 минг рубль талаб қилинган. Жами олинган пора миқдори 195 минг рублдан ошган.
Эслатиб ўтамиз, профессор 2024-йил январ ойида ҳибсга олинган ва апрель ойида тергов даврида озодликка чиқарилган эди. Ишни кўриб чиқиш 2025-йилда бошланган. Синов муддати давомида судланувчи яшаш жойини ўзгартирмаслик ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиш учун тегишли идораларга бориб туриш мажбуриятини олган.









