SOS
Меҳнат

Беларусда 800 га яқин иш ўрни очилди: ўзбекистонликлар учун қандай имкониятлар бор?

Беларусда 800 га яқин иш ўрни очилди: ўзбекистонликлар учун қандай имкониятлар бор?

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Беларуснинг Ўзбекистондаги элчиси Александр Огородников билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида ўзбекистонлик фуқароларни Беларусга, хусусан, Витебск вилоятига уюшган тартибда ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Беларуслик иш берувчилар томонидан 800 нафарга яқин ходимга эҳтиёж билдирилган. Ҳозирги кунда Андижон вилоятидан тақдим этилган номзодлар ҳужжатлари текширилиб, 204 нафар фуқародан иборат рўйхат шакллантирилди. Келгусида танловга республиканинг барча ҳудудларидан талабгорлар жалб этилиши режалаштирилган.

Таклиф этилаётган иш ўринлари асосан чорвачилик, тракторчилик, ҳайдовчилик ва ёрдамчи ишлар йўналишларини қамраб олади. Номзодларнинг ҳужжатлари ва касбий кўникмалари дастлабки босқичда текширувдан ўтказилади, якуний танлов эса Беларус иш берувчилари билан онлайн суҳбатлар орқали амалга оширилади.

Шунингдек, учрашувда фуқароларнинг йўл харажатларини иш берувчи томонидан олдиндан қоплаш имкониятларини ўрганиш таклифи ҳам илгари сурилди. Ушбу ҳамкорлик ўзбекистонлик мигрантлар учун хавфсиз ва расмий иш шароитларини таъминлашга қаратилган.

28.09.20265