Ўзбекистон Миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг баҳор мавсумида ўзбекистонлик фуқароларни АҚШга мавсумий ишларга юбориш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади биринчи гуруҳ ишчиларни АҚШдаги қишлоқ хўжалиги мавсумига сифатли тайёрлашдан иборат.
Номзодлар учун махсус 12 ҳафталик ўқув дастури ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Дастур доирасида иштирокчилар инглиз тилини ўрганишлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникасини бошқариш, ускуналарига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, пайвандлаш ҳамда меҳнат хавфсизлиги қоидалари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлишлари керак бўлади.
Таъкидланишича, номзодларни саралаш ва уларни ўқитиш жараёни АҚШдаги иш берувчилардан аниқ буюртмалар олингандан ҳамда танлов мезонлари тасдиқлангандан сўнг бошланади. Фуқаролардан расмий хабарларни кузатиб бориш ва талаб этиладиган малакаларни оширишга эътибор қаратиш сўралади.









