Санкт-Петербург шаҳар ҳокимияти хорижлик ишчилар учун савдо ва бошқа қатор соҳаларда ишлаш тақиқланганидан сўнг, уларни шаҳар ҳудудларини тозалаш ишларига жалб этишни кўзламоқда. Бу ҳақда шаҳар вице-губернатори Евгений Разумишкин маълум қилди. Расмийнинг сўзларига кўра, шаҳар маъмурияти ишчи кучи оқими бўйича турли сценарийларга тайёрланмоқда, бироқ мигрантларнинг оммавий равишда коммунал соҳага ўтиши кутилмаяпти.
Шаҳар хизматлари хорижлик ходимларни жалб қилиш мақсадида иш ҳақини оширишни режалаштирмоқда. Хусусан, 2027-йил 1-январдан бошлаб фаррошлар (дворниклар) 77 минг рубл, механизаторлар эса 112 минг рубл миқдорида ойлик маош олиши белгиланган. Шунингдек, ходимларни иш билан таъминлаш учун хизмат турар жойлари ҳам таклиф этилмоқда. Ҳозирги кунда соҳадаги 1300 дан ортиқ ишчи махсус хоналар ёки квартиралар билан таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербургда меҳнат патенти асосида ишлайдиган хорижликлар учун тақиқланган соҳалар рўйхати кенгайтирилди. Чекловлар чакана савдо, айрим тиббий хизматлар ва гўзаллик соҳасини қамраб олган. Иш берувчилар учун ушбу ўзгаришларга мослашиш мақсадида 2026-йил 15-декабргача ўтиш даври белгиланган.
Аввалроқ шаҳар ҳукумати такси ва курьерлик хизматларида патент асосида ишлаш тақиқланганидан кейин ҳам мигрантларни фаррошлик ишларига жалб этишга уринган эди. Бироқ расмийларнинг қайд этишича, ўша вақтда кутилганидек ишчи кучи оқими кузатилмаган.









