Санкт-Петербургдаги «Островский» чиқинди қайта ишлаш мажмуаси (КПО) 120 нафар хорижлик ишчини ёллаш бўйича лойиҳани амалга ошира олмади. Лойиҳа доирасида Ҳиндистондан мигрантларни жалб этиш ва уларга бир йиллик иш визаси, авиачипталар ҳамда расмийлаштириш харажатларини қоплаш режалаштирилган эди. Ушбу мақсадлар учун 17,8 миллион рубль миқдорида давлат хариди эълон қилинган эди.
«Невский экологик оператори» (НЕО) вакилларининг таъкидлашича, мазкур ташаббус миграция сиёсатининг кучайтирилиши ҳамда Марказий Осиёдан келадиган ишчи кучи харажатларининг ошиши фонида юзага келган эди. Компания ишчиларни махсус тажрибасиз қабул қилиш ва уларни ўқитишни ваъда қилган бўлса-да, амалда бу режалар амалга ошмади.
Расмий маълумотларга кўра, давлат хариди бўйича танлов апрель ойида якунланган бўлса-да, ғолиб компания номи ва ишчиларнинг келмаганлик сабаблари очиқланмаган. Ҳозирги кунда «Островский» мажмуасида ҳиндистонлик мигрантлар иш бошламаган ва лойиҳанинг тақдири ноаниқлигича қолмоқда.









