Россиядаги мигрантлар орасида иш жойини тез-тез алмаштириш кўрсаткичи 300 фоизга етди

Россияда МДҲ давлатларидан келган меҳнат мигрантлари ўртасида кадрлар алмашинуви (текучка) даражаси йилига 300 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Америка савдо палатасининг Россиядаги миграция қўмитаси раиси София Батура «Опора России» тадбиркорлар учун ўтказилган семинарда маълум қилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, йирик корхоналарда бир хил иш ўрнида меҳнат қилаётган визасиз тартибда келган ходимлар йил давомида 3 мартагача алмашиниши кузатилмоқда. Таққослаш учун, визали тартибда келган узоқ хориж давлатлари фуқаролари орасида бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил этади.
Юқори кадрлар алмашинувига асосий сабаб сифатида патент тизимидаги ўзига хосликлар кўрсатилмоқда. Россиянинг кўплаб ҳудудларида меҳнат патентларида аниқ лавозим кўрсатилмайди. Бу эса хорижлик ишчиларга исталган позицияда ишлаш ва маълум бир иш берувчига қатъий боғланиб қолмаслик имконини беради.
Экспертлар фикрича, айнан лавозим ва иш берувчига боғлиқ бўлмаган патент тизими мигрантларнинг тез-тез иш жойини алмаштиришига шароит яратмоқда. Бу ҳолат меҳнат бозоридаги барқарорликка ўз таъсирини ўтказади.








