Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликларига лицензия бериш тартибининг соддалаштирилиши натижасида сўнгги икки йилда уларнинг сони уч баравар кўпайди. Ушбу агентликлар орқали хорижга ишга кетган фуқаролар сони эса беш баробарга ошди. Шунга қарамай, соҳада коррупция ва фуқароларни алдаш каби муаммолар ҳам кузатилгани қайд этилди.
Келаси йилдан бошлаб фуқароларни хорижга ишга юбориш вазифаси фақат энг ишончли деб топилган хусусий агентликларга тўлиқ топширилади. Агентликлар фаолиятини шаффофлаштириш мақсадида уларнинг рейтинги юритилади. Фуқаронинг кафолатли иш ўрни, ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий таъминоти асосий мезон этиб белгиланади.
Шунингдек, юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун агентликка 1,5 миллион сўм миқдорида рағбатлантириш пули тўланиши кўзда тутилган. Ёшларни хорижий меҳнат бозорига тайёрлаш учун техникумлар биноларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.
Президент топшириғига кўра, бир ой муддатда хусусий бандлик агентликлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ушбу фаолият ижтимоий хизмат сифатида қайта кўриб чиқилиб, солиқ тизимини соддалаштириш чоралари кўрилади.









