2027-йилдан мигрантлар устидан назорат кучаяди: сунъий интеллект тизими ишга туширилади

Россия Ички ишлар вазирлиги 2027-йилдан бошлаб ноқонуний миграцияга қарши курашиш мақсадида махсус таҳлилий марказни ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазирлик раҳбари ўринбосари Андрей Кикот маълум қилди.
Янги марказнинг асосий вазифаси миграция жараёнларини комплекс таҳлил қилиш ва қонунбузарликларни тезкор аниқлашдан иборат бўлади. Тизим сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлайди ва турли манбалардан олинган маълумотларни марказлаштиради.
Ушбу тизим чегарадан ўтиш пунктлари, миграция назорати постлари, юзни таниш функциясига эга кузатув камералари ҳамда иш берувчилар ва давлат идоралари тақдим этган маълумотларни бирлаштиради. Тўпланган ахборотлар қонунбузарликларни аниқлаш ва тезкор чоралар кўриш учун таҳлил қилинади.
Айни пайтда марказни ташкил этиш бўйича молиялаштириш масалалари ҳал этилган ва лойиҳанинг техник топшириқларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Мигрантлар учун бу тизим ҳужжатлар ва миграция қоидаларига риоя қилиш бўйича назоратнинг янада кучайишини англатади.








