Россия солиқ органлари хорижлик ишчиларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигига (ИИВ) узатишни бошлади. Маълумотлар ҳар 3, 6 ва 12 ойлик даврлар учун тақдим этиб борилади. Ушбу янги тартиб мигрантларнинг расмий даромадларини доимий назорат қилиш имконини беради.
ИИВнинг ҳудудий органлари олинган маълумотлар асосида текширув ўтказади. Текширув жараёни ҳақида хорижлик фуқаро ва унинг иш берувчиси «Госуслуги» тизими орқали электрон шаклда хабардор қилинади. Мигрант ва иш берувчига уч иш куни давомида олинган даромадлар бўйича тушунтириш бериш ҳуқуқи тақдим этилади.
Текширув якунлари бўйича даромаднинг мавжудлиги ёки етарли эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинади. Натижалар ҳақида хорижлик ва унинг иш берувчисига бир иш куни ичида электрон шаклда хабар юборилади.
Ушбу назорат чоралари 2027-йил 1-январдан кучга кирадиган янги қоидаларга тайёргарлик ҳисобланади. Унга кўра, мигрантнинг расмий даромади ўзи ва Россиядаги оила аъзолари учун белгиланган минимал истеъмол харажатларидан (прожиточный минимум) кам бўлмаслиги шарт.
Агар даромад миқдори белгиланган талабга жавоб бермаса, хорижлик фуқаронинг патенти бекор қилиниши ёки муддати узайтирилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатда мигрант ва унинг оила аъзолари 15 кун ичида Россия ҳудудини тарк этишлари талаб этилади.









