МОСКВА. ЛДПР партияси раҳбари Леонид Слуцкий Россия Президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашувнинг қисқа видеолавҳасини ўзининг расмий ижтимоий тармоқ саҳифасига жойлаштирди.
Партия етакчиси ушбу постда ЛДПРнинг Давлат Думасидаги яқин беш йиллик устувор вазифалари ва миграция сиёсатига оид таклифларини эълон қилди. Слуцкий ўз баёнотида партия рус халқи манфаатларини ҳимоя қилишда давом этишини ва ноқонуний миграцияга қарши курашни кучайтиришини таъкидлаган.
Партия раҳбари ўз саҳифасида шундай деб ёзади:
«ЛДПР бундан кейин ҳам рус халқини ҳимоя қилишда давом этади. Россия Президенти билан учрашувда ЛДПРнинг Давлат Думасидаги яқин беш йиллик вазифалари ҳақида гапириб бердим. Миграция сиёсати устида ишлашни ва ноқонуний миграцияга қарши курашни давом эттирамиз. Мигрантларнинг ўз оила аъзоларини Россияга олиб келиш имкониятларини чеклашни таклиф қилмоқдамиз. Мамлакатимизга келиб, тартибсизликдан бўлак ҳеч нарса яратмаётганларга кўз юмиб бўлмайди. Қонун лойиҳалари пакетимизнинг бир қисми аллақачон қабул қилинди, қолган ташаббусларимизни ҳам охиригача ҳимоя қиламиз».
Эслатиб ўтамиз, ЛДПР фракцияси Россия қонунчилигида хорижий ишчиларнинг мамлакатда бўлиш қоидаларини қатъийлаштиришга қаратилган бир қатор чекловларни илгари суриб келмоқда.









