Россия Давлат Думасининг Маърифат масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Николай Стариков мигрантлар меҳнатини тартибга солиш бўйича ўз таклифларни ўртага ташлади. Депутатнинг сўзларига кўра, амалдаги патент тизими ўзини оқламаяпти ва уни бекор қилиш зарур.
Стариковнинг таъкидлашича, хорижлик ишчилар Россия ҳудудида эркин ҳаракатланмаслиги керак. Унинг таклифига кўра, мигрантлар фақат аниқ бир лойиҳа ёки корхона учун таклиф этилиши ва иш тугагач, мамлакатни тарк этиши шарт. Депутат бу ёндашувни «келди, ишлади, хайрлашди» тамойили деб атади.
Шунингдек, депутат мигрантлар учун ҳеч қандай ижтимоий кафолатлар ёки уларнинг оила аъзолари билан бирга яшаши назарда тутилмаслиги кераклигини қўшимча қилди. Унинг фикрича, хорижлик ишчига фақат ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда иш ҳақи тўланиши кифоя.
Бундан ташқари, Стариков мигрантларни депортация қилиш харажатларини қоплаш учун уларнинг даромадларидан ажратмалар йиғадиган махсус жамғарма ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Депутатнинг айтишича, айрим ҳудудларда депортация жараёнларини молиялаштириш учун маблағ етишмовчилиги кузатилмоқда ва бу жамғарма мазкур муаммони ҳал қилиши мумкин.









