Хива шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро форуми доирасида икки мамлакат ўртасидаги меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар фуқароларни қонуний асосда иш билан таъминлаш ҳамда уларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фикр алмашдилар.
Учрашувда парламентлараро мулоқотни кучайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини 2 млрд долларга етказиш мақсад қилинган бўлиб, бу борада саноат кооперацияси ва инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.
Форум доирасида ташкил этилган “Made in Uzbekistan” ва “Made in Belarus” кўргазмаларида 100 дан ортиқ корхона ўз маҳсулот ва лойиҳаларини намойиш этди. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 15 та икки томонлама келишув имзоланди, бу эса келгусида янги иш ўринлари ва тадбиркорлик имкониятларини яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ушбу келишувлар мигрантлар учун қонуний ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали янги иш ўринларини очишга қаратилган амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.









