Санкт-Петербургнинг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (бизнес-омбудсмен) Валерий Калугин шаҳар губернаторига мурожаат қилиб, патент асосида ишлайдиган мигрантларнинг гўзаллик индустрияси соҳасида фаолият юритишига қўйилган тақиқни юмшатишни сўрамоқчи. Бу ҳақда у 21-октябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
"Соҳанинг соҳадан фарқи бор. Агар гап такси ҳайдовчиси ёки самокатда етказиб берувчи (курьер) ҳақида кетаётган бўлса, бу мутлақо бошқа масала. Аммо сартарошхона ва маникюр хизматлари билан шуғулланадиган соҳага келганда, менимча, бу қарор охиригача пухта ўйлаб кўрилмаган", — деди Калугин.
Губернаторнинг янги чекловлар тўғрисидаги фармойиши аллақачон имзоланган ва у 15-декабргача амал қилади, дея эслатиб ўтди бизнес-омбудсмен. "Биз губернаторга ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз", — деди у. Валерий Калугиннинг сўзларига кўра, солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар фонида гўзаллик салонлари усиз ҳам аранг харажатларини қоплаб, фойда кўрмасдан ишламоқда.
Кичик корхоналар иттифоқи директори Владимир Меншиковнинг таъкидлашича, чекловларнинг бир неча ойга жорий этилиши бизнес томонидан худди тажриба (эксперимент) сифатида қабул қилинмоқда. "Худди 'Сиз декабрь ойида чет элликларсиз ишлаб кўринг-чи, кейин нима бўлишини кўрамиз' дегандек. Тадбиркорлар буни 'Ҳозир бўғзингизга сиртмоқ ташлаймиз, кейин нафас олишга ҳаво борми-йўқлигини кузатамиз. Агар ҳаво бўлса — ҳаммаси жойида, агар бўлмаса — сиртмоқни сал бўшатамиз' деган маънода тушунишмоқда", — деди у. Унинг сўзларига кўра, бизнес вакиллари расмийлардан уларнинг фаолиятига таъсир кўрсатадиган қарорлар бўйича кўпроқ асосли тушунтиришлар олишни исташади. "Одамлар учун, айниқса, ҳозирги беқарор ва ўзгарувчан даврда қарорнинг сабабини ва бу нималарга олиб келиши мумкинлигини тушуниш жуда муҳим", — дея хулоса қилди Меншиков.
Эслатиб ўтамиз, Смольний (Санкт-Петербург маъмурияти) меҳнат патенти бўлган чет эл фуқароларига Санкт-Петербургда тиббиёт, сартарошхона хизматлари, косметология, чакана савдо, жисмоний тарбия ва соғломлаштириш соҳаларида ишлашни расман тақиқлади. Тақиқ 2026-йилнинг 15-декабрига қадар амал қилади. Расмийларнинг таъкидлашича, ушбу чекловлар яширин бандликка (теневая занятость) қарши курашиш учун зарур. Аввалроқ худди шундай тақиқ такси ҳайдовчилари ва курьерлар учун ҳам жорий этилган эди.









