Россиянинг Приморье ўлкасида 2027-йилдан бошлаб меҳнат патенти асосида ишлайдиган хориж фуқаролари учун транспорт ва логистика соҳасидаги чекловлар қисман бекор қилиниши кутилмоқда.
Минтақа Миграция сиёсати агентлиги томонидан тайёрланган янги губернатор қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Унга кўра, мигрантлар тақиқланган соҳалар рўйхати жорий йилдаги 88 тадан 83 тагача қисқартирилади.
Янги ҳужжат лойиҳасига кўра, юк омборларида ишлаш, юкларни сақлаш ва уларга транспорт ишловларини бериш (юк ортиш-тушириш) йўналишлари мигрантлар учун жорий этилган тақиқлардан чиқарилади.
Бу қарор ўлкада денгиз портлари, терминаллар ва йирик транспорт-логистика марказларини (ТЛЦ) кенгайтириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини тўлиқ қувват билан ишга тушириш мақсадида қабул қилинмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2027-йилдан бошлаб Приморьеда йирик логистика хаблари фойдаланишга топширилади ва улар маҳаллий кадрлар ҳисобидан қоплаб бўлмайдиган қўшимча ишчи кучига эҳтиёж сезади.
Енгилликлар фақатгина юк ташиш ва логистика инфратузилмасига тегишли бўлиб, қуйидаги йўналишларда патент билан ишлайдиган мигрантлар меҳнати ёлланиши тақиқланганлигича қолади:
• Жамоат транспорти ва такси: Автобус, трамвай, троллейбус ҳамда енгил такси ҳайдовчилиги.
• Хавфли юклар: Кимёвий ёки хавфли моддаларни ташиш ва қувурлар транспорти соҳаси.
• Критик инфратузилма: Энергетика, сув ва иссиқлик таъминоти, алоқа ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари.
Минтақа расмийларининг таъкидлашича, чекловларнинг сақланиши маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва хавфсизликни назорат қилишга хизмат қилади.
Бугунги кунда Приморье ўлкасидаги корхона ва ташкилотлар жами 52 968 нафар ишчига эҳтиёж сезмоқда. Энг катта кадрлар етишмовчилиги қурилиш (28,9%), ишлаб чиқариш (13,7%), қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик (11%) соҳаларида кузатилмоқда. Бу тармоқларда хорижликларнинг патент билан ишлашига чекловлар қўйилмаган.
Минтақа Ички ишлар вазирлиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра, ўлкада 47 мингдан ортиқ хориж фуқароси меҳнат қилмоқда. Уларнинг қарийб 20 минг нафари (меҳнат мигрантларининг 42-44 фоизи) патент асосида фаолият юритади. Ишчи мигрантлар ўлка иқтисодиётида банд бўлган умумий аҳолининг 4,9 фоизини ташкил этади.









