Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг маълум қилишича, Афғонистондан меҳнат мигрантларини жалб қилиш бўйича амалий тайёргарлик ишлари олиб борилмаяпти. Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда бу ташаббусни амалга ошириш учун ҳеч қандай истиқболлар мавжуд эмас.
Замир Кабулов «Известия» нашрига берган интервьюсида томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтганини, бироқ бу жуда мураккаб масала эканлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мазкур жараён Россия Ташқи ишлар вазирлигининг асосий ваколатига кирмайди ва кўпроқ миграция ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар доирасидаги масаладир.
Шунингдек, махсус вакил 2026-йил охиригача ушбу соҳада ҳамкорлик шартларини келишиб олиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бундай натижага эришишнинг иложи йўқлигини билдирди. Ҳозирги вақтда Афғонистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича ҳеч қандай силжишлар кузатилмаяпти.









