Россия Давлат Думаси 2026-йил 22-октябр куни миграция қоидаларини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди ва уларни рад этди. Ушбу ташаббуслар парламентдаги айрим фракциялар томонидан илгари сурилган бўлиб, хорижлик ишчиларнинг меҳнат фаолияти, пул ўтказмалари ва фуқаролик масалаларига дахлдор эди.
Рад этилган таклифлар орасида патент тизимини бутунлай бекор қилиш ва визасиз тартибда келувчи хорижлик ишчиларни фақат аниқ иш берувчига боғлиқ бўлган ташкилий ёллаш тизимига ўтказиш режаси бор эди. Шунингдек, чет элга пул ўтказмаларини фақат расмий тасдиқланган иш ҳақи миқдори билан чеклаш, миграция ҳисобидаги бирламчи қоидабузарликлар учун мажбурий депортация жорий этиш ҳамда Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш асосларини кенгайтириш каби таклифлар ҳам рад этилди.
Профил қўмитаси мазкур таклифларни ортиқча деб топди ва амалдаги назорат механизмлари, жумладан, назорат остидаги шахслар реестри ҳамда биометрик ҳисобга олиш тизимлари етарли эканлигини таъкидлади. Бу қарор натижасида патент тизими ўз кучида қолади ва миграция ҳисобидаги айрим қоидабузарликлар учун мажбурий чиқариб юбориш ўрнига жарима қўллаш амалиёти давом этади.
Шуни ёдда тутиш керакки, ушбу қарор Россиянинг умумий миграция сиёсати юмшаганини англатмайди. Амалдаги барча чекловлар ўз кучида қолмоқда. Бундан ташқари, Россия ҳудудлари алоҳида соҳаларда хорижликлар ишлашини тақиқлаш ёки меҳнат патентлари нархини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга эканлигини унутмаслик лозим.









