Россия Давлат Думасида хорижий фуқароларнинг миграция ҳисоби ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ қоидаларни ўзгартиришни назарда тутувчи иккита қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ушбу ташаббуслар декабрь 2026-йилги дастурга киритилган бўлиб, улар қабул қилинган тақдирда, ҳудудий ҳокимият органларининг ваколатларини кенгайтиради.
Биринчи қонун лойиҳасига кўра, губернаторларга айрим муниципалитетларда хорижликларни яшаш ва бўлиш жойи бўйича рўйхатдан ўтказишнинг махсус рухсат берувчи тартибини жорий этиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Ҳозирда бундай тартиб фақат чегарадош ҳудудлар ёки ёпиқ шаҳарлар учун амал қилади. Агар қонун тасдиқланса, 2027-йил 1-мартдан бошлаб маҳаллий ҳокимиятлар ўз ҳудудларида рўйхатдан ўтиш учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилишлари мумкин бўлади.
Иккинчи ташаббус эса хорижликларнинг ишлашига оид чекловларни кенгайтиришни кўзда тутади. Ҳозирда ҳудудлар фақат патент асосида ишловчи мигрантлар учун айрим соҳаларда тақиқ ўрнатиши мумкин. Янги қонун лойиҳаси ушбу чекловларни мигрантнинг ҳуқуқий мақомидан қатъи назар, барча тоифадаги хорижий ишчиларга нисбатан қўллаш имконини беради. 2025-йилда Россиянинг 51 та субъектида шундай чекловлар амал қилган бўлса, янги қоидалар бу рўйхатни янада кенгайтириши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳалари ҳали қабул қилинмаган ва 2026-йил 30-октябрь ҳолатига кўра кўриб чиқиш босқичида турибди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар автоматик равишда бутун мамлакат бўйлаб кучга кирмайди, балки ҳар бир ҳудуд ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб қарор қабул қилади. Мигрантлар учун асосий ўзгаришлар рўйхатдан ўтиш жараёнидаги қўшимча тартиб-қоидалар ва ишга жойлашишдаги ҳудудий тақиқлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.









