Россия Давлат Думасига тақдим этилган янги қонун лойиҳасига кўра, олий ўқув юртлари ва коллежларда чет эллик талабаларни қабул қилишни бир йил муддатга тақиқлаш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус ўқув визасидан Россия ҳудудида қонуний қолиш учун фойдаланаётган ва аслида ўқишни режалаштирмаган шахслар сонини камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси муаллифлари таъкидлашича, айрим шахслар ўқишга кириш орқали вақтинчалик яшаш рухсатномасини расмийлаштириб, кейинчалик ноқонуний меҳнат бозорига кириб кетмоқда. Янги тартибга кўра, таълим муассасалари устидан назорат кучайтирилади. Хусусан, талабаларнинг дарсларга қатнашиши, ўзлаштириш кўрсаткичлари ва оралиқ аттестациялардан ўтиш жараёни "Рособрнадзор" томонидан қатъий назорат қилинади.
Агар таълим муассасаси чет эллик талабаларни ўқитиш бўйича белгиланган талабларни бажармаса ёки қоидабузарликларни бартараф этмаса, муассасага нисбатан маъмурий иш қўзғатилади ва бир йил муддатга хорижликларни қабул қилиш тақиқланади. Қоидабузарликларни бартараф этиш учун муассасага бир ойгача муддат берилиши кўзда тутилган.
Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, ўзгартиришлар 2027-йил 1-мартдан кучга кириши режалаштирилган. Россияда таълим олаётган ёки ўқишга киришни режалаштираётган ўзбекистонлик фуқаролар келгусида ўқув жараёнидаги назоратнинг кучайишига ва таълим муассасалари томонидан қўйиладиган янги талабларга тайёр туришлари тавсия этилади.









