Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллина 9-ноябрь куни Давлат думасида сўзга чиқиб, мамлакат иқтисодиётида ишчи кучига бўлган талаб юқори даражада қолаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кадрлар тақчиллиги ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.
Марказий банк раҳбари тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровномалар ҳам ушбу ҳолатни тасдиқлаётганини қайд этди. Мутахассислар фикрича, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар даврида ишчи кучини самарали тақсимлаш муҳим аҳамият касб этади. Акс ҳолда, ишлаб чиқариш жараёнларида қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
Мигрантлар учун ушбу вазият меҳнат бозоридаги талабнинг сақланиб қолишини англатади. Бироқ, Россиянинг 52 та ҳудудида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан меҳнат муҳожирларининг фаолиятига нисбатан турли чекловлар жорий этилганини ҳам ёдда тутиш лозим. Бу ҳолат мигрантлардан ишга жойлашишда ҳудудий қонунчилик ва талабларни диққат билан ўрганишни талаб қилади.
Шунингдек, Россия иқтисодиётида сунъий интеллектнинг жорий этилиши келгусида меҳнат бозорига таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Меҳнат вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2026-йилда технологик ўзгаришлар сабабли 7,5 миллионга яқин иш ўрни қисқариши ёки трансформация бўлиши мумкин. Бу эса меҳнат муҳожирларидан ўз малакаларини замон талабларига мослаштириб боришни тақозо этади.









