Россия Фанлар академияси Сотсиология институти Миллатлараро муносабатларни тадқиқ қилиш маркази раҳбари Владимир Мукомель меҳнат мигрантларининг оилаларини мамлакатга олиб келишини тақиқлаш ғоясини кескин танқид қилди. Таниқли сотсиологнинг фикрича, бундай чекловлар узоқ муддатли истиқболда Россиянинг ўзи учун жиддий ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Давлат Думасига ЛДПР партияси депутатлари томонидан янги қонун лойиҳаси киритилган эди. Унга кўра, Россияда патент ёки вақтинчалик иш рухсатномаси билан ишлаётган хорижлик мигрантларнинг оила аъзоларига (агар уларда алоҳида қонуний асослар бўлмаса) мамлакатга киришни тақиқлаш таклиф этилмоқда.
Сотсиология фанлари доктори Владимир Мукомель ушбу ташаббуснинг салбий жиҳатларига эътибор қаратди. Экспертнинг таъкидлашича, оилаларнинг келишини тақиқлаш Россияни маҳаллий маданият ва жамиятга мослашган, рус тилини яхши биладиган янги авлоддан маҳрум қилади. Оиласи билан келган мигрантлар Россия жамиятига тезроқ интеграциялашади ва қонунларга кўпроқ риоя қилади. Уларнинг тақиқланиши эса аксинча, ёпиқ этник гуруҳларнинг шаклланишига ва ижтимоий кескинликка замин яратиши мумкин.
Шунингдек, эксперт 2024-йилги маълум воқеалардан сўнг Россиянинг миграция сиёсати кескин ўзгарганини ва қонунчилик тобора қатъийлашиб бораётганини қайд этди. Мутахассислар радикал тақиқлар ўрнига мигрантларни Россия жамиятига интеграция қилиш механизмларини кучайтириш самаралироқ эканини таъкидламоқда.









