Россия Давлат Думасида федерал бюджет лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида ЛДПР партияси вакиллари мигрантларга ажратиладиган ижтимоий ёрдам, нафақалар ва тиббий хизматлар харажатларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Партия бюджет маблағлари ҳисобидан мигрантларни таъминлашга қарши эканлигини билдириб, устуворликни маҳаллий аҳолига қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мигрантларнинг бандлигини назорат қилиш ва уларнинг даромадларини "соя"дан чиқариш мақсадида янги қонун лойиҳаси киритилди. Унга кўра, хорижлик ишчиларга иш ҳақини фақат уларнинг шахсий банк ҳисобварақлари орқали тўлаш мажбурий этилиши режалаштирилмоқда. Бу чора ишчиларнинг ҳақиқий даромадларини кузатиш ва солиқ тўловларини назорат қилишга қаратилган.
Шунингдек, мигрантлар томонидан хорижга юбориладиган пул ўтказмаларига мажбурий тўлов жорий этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Партия вакилларининг қайд этишича, Россия иқтисодиётининг ташқи ишчи кучига боғлиқлигини камайтириш учун корхоналарни роботлаштириш ва маҳаллий кадрларни тайёрлашга кўпроқ эътибор қаратиш лозим.
Ушбу таклифлар бюджет лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Мазкур ташаббуслар қабул қилинган тақдирда, Россияда ишлаётган хорижлик фуқароларнинг даромадларини олиш тартиби ва ижтимоий таъминот тизимида ўзгаришлар юз бериши мумкин.









