Россия Либерал-демократик партияси (ЛДПР) 27-октябр куни хорижлик фуқароларга иш ҳақини нақд пул кўринишида беришни тақиқлаш бўйича қонун лойиҳасини Давлат Думасига тақдим этди. Ушбу ташаббус мигрантларнинг даромадларини тўлиқ назорат қилиш ва солиқ тўловларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасига кўра, иш берувчилар хорижлик ходимларнинг иш ҳақини фақат Россия кредит ташкилотларидаги банк ҳисоб рақамларига ўтказиб беришлари шарт бўлади. Бу орқали тўловлар миқдори ва мунтазамлиги бўйича ҳужжатли қайдлар юритилади, шунингдек, иш берувчиларнинг солиқ ва суғурта бадалларини тўлиқ тўлаётганини текшириш имконияти яратилади.
Таклиф этилаётган қоидалар кучга кирган тақдирда, улар 2027-йилнинг 1-мартидан эътиборан амал қила бошлайди. Партия вакилларининг таъкидлашича, ушбу чора иш берувчилар томонидан солиқ тўловларидан қочиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Ушбу ўзгаришлар тасдиқланган тақдирда, Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ўз иш ҳақларини олиш учун Россия банкларида ҳисоб рақамига эга бўлишлари ва барча ҳисоб-китобларни банк тизими орқали амалга оширишлари талаб этилади.









