Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев хорижлик ишчи кучини уюшган ҳолда ёллаш бўйича ўтказилиши режалаштирилган эксперимент ҳақида маълумот берди. Ушбу ташаббус доирасида йирик иш берувчиларга хорижлик ходимларнинг маиший шароитларини таъминлаш мажбурияти юкланиши мумкин.
Эксперимент 2027-йилдан бошланиши кутилмоқда. Мазкур жараён доирасида мигрантларнинг қаерда эканлигини кузатиб бориш учун махсус мобил иловадан барча ҳудудларда босқичма-босқич фойдаланиш кўзда тутилган. Ҳозирда ушбу лойиҳага оид қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган, бироқ улар ҳали Давлат Думасига киритилмаган.
ИИВ раҳбари Москва ва Москва вилоятида ўтказилган қўшимча ҳисобга олиш эксперименти ижобий натижа берганини таъкидлади. Хусусан, ҳудудларда мигрантларнинг жойлашувини аниқлаш учун картографик хизмат яратилган бўлиб, у орқали шахсларнинг аниқ кўча ва бинолардаги манзилларини кузатиш имконияти мавжуд.
Ушбу рақамлаштириш жараёнлари ягона тизимни шакллантиришга қаратилган бўлиб, вазирлик маълумотларига кўра, бу тизим профилактика ва назоратни кучайтириш мақсадида «олдиндан ишлаш» тамойили асосида фаолият юритади.









