3-ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Миллатлараро муносабатлар кенгаши йиғилишини ўтказди. Унда давлат раҳбари мамлакат ҳудудларида миллатлараро низоларнинг олдини олиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш, жумладан, ушбу соҳани кадрлар ва молиявий ресурслар билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги асосий муаммолардан бири сифатида ноқонуний миграция масаласи қайд этилди. Экспертлар халқаро тажрибага таяниб, миграция сиёсатини хавфсиз ва Россияда ишлаш истагида бўлганлар учун қулай шаклда қайта кўриб чиқиш ҳамда тартибга солиш зарурлигини билдиришди.
Президент Путин миллатлараро муносабатлар соҳасида замонавий ва малакали мутахассисларни тайёрлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, "Россия халқлари бирлиги йили" доирасида бошланган лойиҳаларни 31-декабрдан кейин ҳам давом эттириш ва уларнинг янги форматларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди.
Мутахассисларнинг фикрича, давлат органлари, хусусан, Россия ИИВ ва бошқа тегишли тузилмалар томонидан миграция оқимини назорат қилиш ва ижтимоий барқарорликни сақлаш бўйича чоралар давом эттирилади. Мигрантлар учун ушбу ўзгаришлар келгусида ҳужжатларни расмийлаштириш ва қонуний ишлаш тартибларида янги талаблар ёки назорат механизмлари жорий этилиши мумкинлигини англатади.









