Россияда визасиз мамлакатлардан келган меҳнат мигрантлари учун бериладиган патентлар сони 21 фоизга камайди. Москва ҳукумати ҳузуридаги Миллатлар ишлари бўйича кенгашнинг Миграция масалалари комиссияси раиси Юрий Московскийнинг қайд этишича, бу кўрсаткич мигрантлар оқимининг ҳақиқий қисқаришини англатмаслиги мумкин.
Экспертнинг тушунтиришича, патентлар сонидаги пасайиш мигрантларнинг ҳуқуқий мақоми ўзгаргани билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли юқори. Кўплаб хорижлик ишчилар Россия фуқаролигини ёки вақтинча яшаш рухсатномасини (РВП) қўлга киритиб, патент асосида ишловчилар тоифасидан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари Россиядаги меҳнат мигрантларининг асосий қисмини ташкил этмоқда.
Росстат маълумотларига кўра, 2025-йил якунига келиб Россияда 91 минг нафар юқори малакали хорижий мутахассис фаолият юритган. 2026-йил 1-январ ҳолатига кўра, Россияда меҳнат қилиш мақсадида бўлган хорижликлар сони 2 миллиондан 2,2 миллион нафаргача етган. Шунингдек, мамлакатда 400 мингга яқин талаба таҳсил олаётгани қайд этилган, бу ўтган даврга нисбатан чорак бараварга кўпдир.
Статистикага кўра, визали тартибда ишлаётган хорижлик ишчилар сони 280 минг нафарни ташкил этади. Бу умумий мигрантлар сонининг 12–14 фоизига тенг бўлиб, аввалги 3 фоизлик кўрсаткичга нисбатан тўрт баравардан ортиқ ўсиш кузатилган.









