SOS
Сиёсат

Россияда уч йил ичида 32 та янги миграция қонуни қабул қилинди

Россияда уч йил ичида 32 та янги миграция қонуни қабул қилинди

Россия Давлат думаси 2024-йилдан бошлаб миграция соҳасини тартибга солувчи 32 та федерал қонунни қабул қилди. Ушбу ўзгаришлар ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда Россияга иш ёки ўқиш мақсадида келган хорижликларнинг қонунларга риоя этишини таъминлашга қаратилган.

Жорий этилган янгиликлардан бири — ноқонуний мигрантларни чиқариб юбориш режими ва назорат остидаги шахслар реестри. Ушбу реестрга киритилганлар кўчмас мулк ва автомобиль харид қила олмайди, кредит ололмайди, никоҳдан ўтолмайди ва мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатлана олмайди. Шунингдек, 2027-йил 31-декабргача давом этадиган эксперимент доирасида чегараларда мигрантлардан биометрик маълумотлар йиғилмоқда.

Мигрантлар учун молиявий ва ҳуқуқий талаблар ҳам кучайтирилди. Яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олиш божи 6000 рублдан 30 000 рублга оширилди. Бепул тиббий ёрдам олиш учун эса хорижлик фуқаро Россияда камида беш йил қонуний ишлаган бўлиши шарт. Бундан ташқари, ноқонуний миграцияни ташкил этиш ўта оғир жиноят деб топилиб, 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва 5 миллион рублгача жарима жазоси белгиланди.

Таълим ва оилавий масалаларда ҳам янги тартиблар жорий этилди. Мигрантларнинг фарзандлари мактабга қабул қилинишидан олдин рус тили бўйича тестдан ўтиши ва уларнинг Россияда бўлиши қонунийлиги текширилиши шарт. Шунингдек, сохта никоҳлар ва асраб олиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, эндиликда РВП ёки ВНЖ ҳужжатларини никоҳ тузилганидан ёки бола асраб олинганидан кейин камида уч йил ўтгач олиш мумкин бўлади.

Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш асослари ҳам кенгайтирилиб, уларнинг сони 80 тадан ошди. Булар қаторига ҳарбий ҳисобга туриш мажбуриятини бажармаслик, терроризмга оммавий даъватлар ва ноқонуний миграцияни ташкил этиш каби ҳолатлар киритилган. Меҳнат мигрантлари ўзларини ва оила аъзоларини таъминлаш учун маълум даражада маблағ ажратиши, болалари эса вояга етгач, Россияни тарк этиши талаб этилади.

12.09.20261