Санкт-Петербург маъмурияти меҳнат патенти асосида ишлаётган хорижлик фуқаролар учун тақиқланган фаолият турларини сезиларли даражада кенгайтиришга тайёргарлик кўрмоқда. Шаҳар губернатори Александр Беглов томонидан имзоланиши кутилаётган тегишли қарор лойиҳаси ҳозирда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмоқда. Агар ҳужжат тасдиқланса, иш берувчилар ўзларидаги мигрант ходимларни 2026-йил 1-декабргача ишдан бўшатишлари керак бўлади.
Амалдаги чекловлар такси ва етказиб бериш хизматларини ўз ичига олган бўлса, янги рўйхатга озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари чакана савдоси, тиббиёт, массаж салонлари, санаторий-курорт ташкилотлари, спорт клублари, фитнес-марказлар ҳамда сартарошхона ва гўзаллик салонлари киритилган. Ушбу чекловлар асосан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига тааллуқли бўлади.
Шу билан бирга, қурилиш, ишлаб чиқариш, омборхона фаолияти ва клининг хизматлари хорижлик ишчилар учун очиқлигича қолмоқда. Шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари, Россияда яшаш гувоҳномасига эга бўлганлар, қочқинлар ҳамда виза асосида кирган мутахассислар ушбу чекловлардан истисно ҳисобланади.
Саноат вакиллари ва экспертлар мазкур қарорнинг муддатига эътибор қаратмоқда. 1-декабрь санаси чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари учун энг қизғин мавсумга тўғри келади. Иш берувчиларнинг таъкидлашича, қисқа вақт ичида ходимларни алмаштириш қийин кечиши ва бу айрим савдо нуқталарининг ёпилишига ёки хизматлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин.









