Россиядан пул ўтказмаларига 5 фоизлик солиқ жорий этилиши мумкин

Россиядаги ЛДПР партияси етакчиси Леонид Слуцкий мамлакат Молия вазирлигига хорижлик ишчиларнинг пул ўтказмаларига янги солиқ жорий этиш бўйича таклиф киритди. Ушбу ташаббусга кўра, банклар ва тўлов тизимлари орқали амалга ошириладиган ҳар бир халқаро ўтказма суммасининг 5 фоизи автоматик равишда ушлаб қолиниши ва федерал бюджетга йўналтирилиши кўзда тутилган.
Партия вакилларининг таъкидлашича, мазкур йиғим мигрантларнинг Россияда бўлиши билан боғлиқ бюджет харажатларини қоплашга хизмат қилади. Расмий маълумотларга кўра, 2025-yilda Россиядан Ўзбекистонга қарийб 18,9 миллиард доллар, Қирғизистонга эса 3,2 миллиард доллар миқдорида маблағ ўтказилган. Умуман олганда, мигрантлар томонидан ҳар йили мамлакатдан 25 миллиард долларга яқин маблағ олиб чиқиб кетилиши қайд этилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда ушбу таклиф фақат муҳокама босқичида. Россия қонунчилигига бундай тўловни жорий этиш тўғрисида ҳали ҳеч қандай расмий қарор қабул қилинмаган ва қонун кучга кирмаган. Мигрантлар ўз маблағларини ўтказишда амалдаги тартиб-қоидалардан фойдаланишда давом этмоқдалар.








