Россия Федерацияси Кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Владимир Булавин миграция сиёсатидаги ўзгаришлар юзасидан берган интервьюсида хорижий фуқароларнинг мамлакатга кириш тартибини кучайтириш масаласини кўтарди. Унинг сўзларига кўра, ўз ватанида жиноий жавобгарликка тортилган ёки судланган шахсларнинг Россияга кириб келишига қарши ишончли тўсиқлар ўрнатилиши лозим.
Сенатор бу каби чораларни нафақат Россия чегарасини кесиб ўтиш вақтида, балки хорижий фуқароларнинг келиб чиқиш мамлакатларида ҳам амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини қайд этди. Шунингдек, экстремистик ва террорчилик ташкилотлари билан алоқадор шахсларнинг мамлакатга киришига йўл қўймаслик хавфсизликни таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Расмий маълумотларга кўра, 2026-йилнинг дастлабки 9 ойи давомида Россияга қарийб 7 миллион нафар хорижий фуқаро кириб келган. Айни пайтда Россия ИИВ маълумотларига кўра, мамлакатда 6,5 миллионга яқин мигрант истиқомат қилмоқда.
Шу билан бирга, Россияда меҳнат фаолиятини қонуний асосда олиб бораётган хорижликлар улуши ортиб бормоқда. Агар 10 йил аввал бу кўрсаткич 25 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда қонуний ишлаётган мигрантлар улуши 45 фоиздан 50 фоизга кўтарилган.









