Россия Жамоатчилик палатасининг миллатлараро, динлараро муносабатлар ва миграция бўйича комиссияси раиси ўринбосари Маргарита Лянге мигрантларнинг оила аъзоларини Россияга кўчириб келтириш масаласига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, хорижлик ишчиларнинг оиласини олиб келиш ҳуқуқи фақат Россия фуқаролигини олишга тайёр бўлган ва мамлакатга тўлиқ интеграциялашишни мақсад қилган шахсларга берилиши керак.
Мутахассиснинг таъкидлашича, меҳнат мигрантлари томонидан оила аъзоларининг олиб келиниши ижтимоий инфратузилмага, хусусан, мактаб ва тиббиёт муассасаларига қўшимча юклама юкламоқда. Хусусан, рус тилини билмайдиган болаларнинг мактабга қабул қилиниши таълим жараёнида қийинчиликлар туғдираётгани қайд этилди. Шу сабабли, расмийлар мигрантлар оила аъзолари учун махсус солиқ жорий этиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.
Ушбу таклифлар Россияда миграция оқимларини тартибга солиш ва ижтимоий соҳадаги юкламани камайтириш мақсадида илгари сурилмоқда. Маргарита Лянге "миграция вектори"ни аниқ белгилаш зарурлигини, яъни фақат вақтинчалик ишлаш учун келганлар билан мамлакатда доимий яшаш ва фуқароликни мақсад қилганлар ўртасида фарқ бўлиши кераклигини таъкидлади.
Мигрантлар учун ушбу муҳокамалар келгусида оила аъзоларини Россияга олиб келиш тартиблари ва шартлари янада қатъийлашиши мумкинлигини англатади. Ҳозирги кунда Россия расмийлари томонидан миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича турли таклифлар ўрганилмоқда.









