Россия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги мамлакатнинг 10 та ҳудудида хорижлик ишчилар учун рухсат этилган улушни камайтириш ташаббуси билан чиқди. Ушбу ўзгаришлар Мордовия, Татаристон, Чувашия республикалари, Краснодар ўлкаси, шунингдек, Вологда, Калуга, Новосибирск, Оренбург, Свердловск ва Тула вилоятларига тааллуқли бўлиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, яна 8 та Россия субъектида мигрантлар фаолиятига нисбатан илк бор чекловлар жорий этилиши кутилмоқда. Хусусан, Татаристонда молия ва суғурта фаолияти, ветеринария, қўриқлаш хизматлари, такси, хавфли юкларни ташиш ҳамда компьютерларни таъмирлаш соҳаларида хорижлик ишчилар улушини нолга тушириш таклиф қилинган. Калуга вилоятида эса курьерлик хизмати, транспорт ва жиҳозларни ижарага бериш фаолиятида хорижликлар ишлашига чекловлар ўрнатилиши мумкин.
Меҳнат вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳужжатда 2026-йил учун белгиланган ҳудудий хусусиятларни 31 та субъектда сақлаб қолиш ҳам кўзда тутилган. Ушбу таклифлар тасдиқланган тақдирда, мигрантлар учун юқорида санаб ўтилган соҳаларда ишлаш имкониятлари чекланиши ёки бутунлай тақиқланиши мумкин.
Россияда меҳнат фаолиятини юритаётган ватандошларимиздан ўзлари ишлаётган ҳудудлардаги қонунчиликдаги ўзгаришларни кузатиб бориш ва фаолият юритаётган соҳаларида чекловлар мавжудлигини текшириб кўриш тавсия этилади.









