Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин томонидан имзоланган янги қарорга кўра, 2027-йил 1-январдан 31-декабргача вилоят ҳудудида патент асосида меҳнат қилаётган хорижлик фуқароларни айрим иқтисодий соҳаларга жалб қилиш тақиқланади. Ушбу чекловлар маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланган бўлиб, минтақадаги меҳнат бозори фаолиятини тартибга солишга қаратилган.
2027-йилдан бошлаб мигрантлар учун янги тақиқланган йўналишлар қаторига электр энергияси, газ ва буғ билан таъминлаш, кондиционер тизимларини ишлатиш, сувни тозалаш ва тақсимлаш, оқава сувларни қайта ишлаш ҳамда юк ташиш хизматлари киритилди. Ушбу соҳаларда фаолият юритаётган хорижлик ишчилар келаси йилдан бошлаб ўз иш жойларини ўзгартиришларига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, Саратов вилоятида аввалроқ ҳам бир қатор соҳаларда чекловлар ўрнатилган эди. Хусусан, мигрантларга такси ва жамоат транспортида йўловчи ташиш, курьерлик хизматлари, умумий овқатланиш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ҳамда ҳарбий хавфсизлик ва ижтимоий таъминот билан боғлиқ давлат бошқаруви органларида ишлаш тақиқланган.
Ушбу ўзгаришлар Саратов вилоятида меҳнат фаолиятини олиб бораётган барча хорижлик ишчилар учун тегишли. Иш берувчилар ва ходимлар 2027-йил 1-январга қадар ушбу янги тартиб-қоидаларга мослашишлари ҳамда меҳнат шартномаларини қонунчилик талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқишлари тавсия этилади.









