Цивилизациялашган миграция ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик Россия иқтисодиётини мустаҳкамлайди

Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Марказий Осиё давлатларидан келаётган меҳнат мигрантлари Россия иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Вазирнинг сўзларига кўра, хорижлик ишчилар нафақат ишчи кучи сифатида, балки ички талабни шакллантиришда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Решетников мигрантларнинг ўз ватанларига юбораётган маблағлари ҳам иқтисодий жараёнларнинг ажралмас қисми эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, «цивилизациялашган миграция» формати Россия бозори учун фойдали бўлиб, мигрантлар нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Шунингдек, вазир таълим ва тил интеграциясининг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Хусусан, рус тилини билиш ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни Россия меҳнат бозорига жалб қилишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Қирғизистон мисолида кўрсатилганидек, бу каби ҳамкорлик алоқалари икки томонлама иқтисодий ривожланишга хизмат қилади.
Максим Решетниковнинг фикрича, Россия иқтисодиётининг барқарор ўсишини миграциясиз ва қўшимча кадрларни жалб қилмасдан таъминлаш қийин. Шу боис, давлат олдида турган асосий вазифалардан бири — зарур кадрларни жалб қилиш ва уларни ушлаб қолиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйишдан иборат.








