Россия Транспорт вазирлиги йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида такси ҳайдовчилари қаторида хорижий фуқароларнинг ишлашига чекловлар ўрнатиш таклифини илгари сурди. Ушбу ташаббус муҳокама қилинаётган бир пайтда, Свердловск вилояти Қонунчилик мажлиси депутати Вячеслав Вегнер соҳадаги кадрлар тақчиллиги ва унинг оқибатлари ҳақида ўз фикрини билдирди.
Депутатнинг таъкидлашича, мигрантларнинг такси соҳасида ишлашига тўлиқ ва муқобилсиз тақиқ қўйилиши ҳайдовчилар етишмовчилигини янада кучайтириши мумкин. Ҳозирнинг ўзида йирик агрегаторлар, хусусан «Яндекс.Такси» хизмати соҳада кадрлар танқислигини қайд этмоқда. Мутахассиснинг фикрича, ҳайдовчилар сонининг кескин камайиши хизмат нархларининг икки бараваргача ошишига олиб келиши эҳтимоли бор.
Вячеслав Вегнер ҳукуматни шошилинч қарорлар қабул қилмасликка ва аввал соҳадаги реал эҳтиёжни баҳолашга чақирди. Унинг таклифига кўра, тақиқ ўрнига квота тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Масалан, кичик шаҳарлар учун 10 нафар, Екатеринбург каби йирик шаҳарлар учун эса 100 нафар мигрант ҳайдовчига рухсат бериш каби аниқ лимитларни белгилаш таклиф этилмоқда.
Ушбу ташаббус ҳали лойиҳа босқичида бўлиб, якуний қарор қабул қилинмаган. Россияда меҳнат фаолиятини юритаётган фуқароларимиздан ўз соҳаларидаги қонунчилик ўзгаришларини кузатиб бориш ва расмий ҳужжатларни тартибга солиш тавсия этилади.









