SOS
Сиёсат

Томскдаги мигрантлар: қонунчиликдаги янги талаблар ва жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилди

Томскдаги мигрантлар: қонунчиликдаги янги талаблар ва жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилди

Томск шаҳридаги Миграция марказида вилоят Ички ишлар бошқармасининг Миграция масалалари бошқармаси раҳбарлари ва миллий-маданий бирлашмалар вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда хорижлик фуқароларнинг Россия ҳудудида бўлиши ва ишлаши билан боғлиқ қонунчиликдаги асосий талаблар муҳокама қилинди.

Учрашув давомида мигрантларга Россия фуқаролигини олиш, миграция ҳисобига туриш ҳамда меҳнат фаолиятини юритиш тартиблари яна бир бор эслатиб ўтилди. Хусусан, мажбурий бармоқ изларини топшириш ва суратга тушиш тартиб-қоидалари, шунингдек, уларни ўз вақтида бажариш муддатларига риоя қилиш зарурлиги таъкидланди. Қонунбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, йиғилишда Томск вилоятида хорижий ишчи кучини жалб қилиш бўйича жорий этилган чекловлар, рус тили, тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон талабларининг кучайтирилганлиги ҳамда Россия Қуролли Кучларида шартнома асосида хизмат қилиш имкониятлари ҳақида сўз борди.

Якунда масъуллар диаспоралар вакилларига хорижлик фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришни тавсия қилдилар. Бунда, айниқса, бошқа халқларнинг урф-одатлари ва турмуш тарзига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, миллатлараро ҳамда динлараро низоларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

13.09.20261