Ханти-Мансийск автоном округи губернатори Руслан Кухарук ўтказган матбуот анжуманида минтақадаги миграция сиёсати ва келгуси режалар ҳақида маълумот берилди. Расмий статистикага кўра, 2026-йилнинг тўққиз ойи давомида ҳудудга кириб келган хорижликлар сони 20 фоизга камайган.
Миграция назоратини кучайтириш доирасида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кўрилган чоралар натижасида ҳудуддан чиқариб юборилган шахслар сони 6 бараварга, фуқаролик беришдан рад этиш ҳолатлари эса 7,2 бараварга ошган. Шунингдек, мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2,7 бараварга қисқаргани қайд этилди.
Келгуси йилнинг 1-январидан бошлаб хорижий ишчи кучи учун тақиқланган соҳалар рўйхати кенгайтирилади. Ҳозирда 27 та йўналишда чекловлар мавжуд бўлса, янги тартиб билан бу кўрсаткич 30 тага етказилади. Хусусан, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, омборхона хизматлари, буюртмаларни қабул қилиш пунктлари (ПВЗ), шунингдек, маданият ва спорт муассасаларида хорижликларнинг ишлашига рухсат берилмайди.
Шу билан бирга, минтақа маъмурияти юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш сиёсатини давом эттиришини маълум қилди. Ҳудуд иқтисодиёти, хусусан, нефть саноати ва инфратузилма лойиҳалари учун зарур бўлган мутахассислар учун имкониятлар сақланиб қолади.









