SOS
Сиёсат

ХМАОда мигрантлар учун патент тўлови 27 фоизга оширилиши мумкин

ХМАОда мигрантлар учун патент тўлови 27 фоизга оширилиши мумкин

Ханти-Мансийск автоном округи (ХМАО) расмийлари 2027-йилдан бошлаб патент асосида меҳнат қилаётган хорижий фуқаролар учун солиқ тўловларини тахминан 27 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҳудуднинг 2027–2029-йилларга мўлжалланган солиқ сиёсати лойиҳасида сўз боради.

Ҳужжатга кўра, меҳнат бозори хусусиятларини акс эттирувчи минтақавий коэффициентни 4,284 дан 5,445 гача кўтариш кўзда тутилган. Ушбу коэффициент патент қийматини ҳисоблашда қўлланиладиган асосий кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Натижада, мигрантлар ҳар ойда давлат бюджетига аввалгидан кўра кўпроқ маблағ ўтказишларига тўғри келади.

Расмийларнинг таъкидлашича, мазкур ўзгариш хорижлик ишчиларнинг солиқ юкламасини Россия фуқаролари тўлайдиган даромад солиғи (13 фоиз) даражасига яқинлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда. Минтақа губернатори ўринбосари Вера Дюдинанинг сўзларига кўра, янги коэффициент ҳисобланаётганда мигрантлар энг кўп банд бўлган соҳалардаги ўртача иш ҳақи миқдори таҳлил қилинган.

Ушбу ташаббус минтақа депутатлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. ХМАО думаси вакиллари хорижлик ишчиларнинг солиқ тўловларини ошириш орқали уларнинг минтақа ривожига қўшаётган ҳиссасини кўпайтириш зарурлигини таъкидлашмоқда. Якуний тўлов миқдори минтақавий коэффициентдан ташқари бошқа иқтисодий кўрсаткичларга ҳам боғлиқ бўлади.

03.11.20260