Хонанда Наргиз Зокирова ўзининг шахсий блокида Ўзбекистонни эмас, балки АҚШни ўз ватани деб билишини маълум қилди. Санъаткор ўз тарихий ватани билан боғлиқ воқеаларни оғриқли қабул қилганини ва ўзини хиёнатга учрагандек ҳис этганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, дастлабки вақтларда бу ҳолат унга кучли азоб берган бўлса-да, ҳозирда у барчасини ортда қолдириб, АҚШдаги ҳаётига эътибор қаратган.
Зокирова ўзбекистонликларга нисбатан илиқ муносабатда эканини, уларни ажойиб инсонлар деб билишини қайд этди. Бироқ, хонанданинг фикрича, ватан тушунчаси ўзаро муҳаббатга асосланиши керак. У 1995-йилда ота-онаси билан АҚШга кўчиб ўтган ва Америка фуқаролигини олган.
Эслатиб ўтамиз, Наргиз Зокирова 2013-йилда Россиянинг "Голос" шоусида иштирок этганидан сўнг кенг оммага танилган эди. Украина ҳудудидаги воқеалар бошланганидан сўнг, у Россия расмийларининг ҳаракатларини очиқ танқид қилган. Бунинг ортидан унга Россия Федерациясига кириш расман 50 йил муддатга — 2072-йилгача тақиқланган.









