Ўзбекистон хорижий давлатлар билан меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик кўламини 3 тадан 27 тагача кенгайтирди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда маълум қилинди. Хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни мақсадли касбий ва тилга ўқитиш тизимини такомиллаштириш бўйича янги вазифалар белгиланди.
Жорий йилда 34 та давлатда 287 минг нафар фуқарони иш билан таъминлаш имконияти мавжудлиги қайд этилди. Эндиликда хориждаги бўш иш ўринлари, мутахассисларга қўйиладиган талаблар, тил билиш даражаси ва ўқиш имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар бевосита маҳаллалар даражасида фуқароларга етказиб борилади. Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари фаолияти орқали хорижга ишга жойлашганлар сони сўнгги икки йилда 5 баробарга ошгани таъкидланди.
Юқори маошли иш ўринларига эга бўлиш учун хорижий тилларни билиш муҳимлиги инобатга олиниб, келгуси йилда ҳар бир ҳудудда ягона меҳнат миграцияси марказлари очилади. Ҳар бир вилоятга ушбу мақсадлар учун 8 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Шунингдек, 20 та техникум танлаб олиниб, уларнинг таълим дастурлари хорижий иш берувчилар талабларига мослаштирилади ва тадбиркорлар бошқарувига берилади. Бу базада ҳар йили камида 30 минг нафар малакали мутахассис тайёрланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, хорижда қийин аҳволда қолган ватандошларга ёрдам бериш учун "Онлайн-маҳалла" платформаси ишга туширилди. Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш ҳам устувор вазифа этиб белгиланди: йил якунига қадар 250 минг нафар қайтган фуқарони муносиб иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш кўзда тутилган.









